Тошкент давлат шарқшунослик институти
Туркистон ўлкасини руслаштириш ва тегишли сиёсий тизимларни ташкил этиш (1917-1924 йил охирлари) олдидан XX аср бошларида Россия империяси жамиятининг барча табақаларида сиёсий фаолликнинг ошиши юз берди. Сиёсийлаштириш мусулмонларни ҳам четлаб ўтмади. Бу нарса энг аввало диний сиёсий бирлашмалар ва партиялар ташкил этилишида, исломий матбуот органлари (журналлар, газеталар)га асос солинишида ўз ифодасини топди. Бунда жадидлар алоҳида сиёсий фаоллик кўрсатдилар. 1917 йилдаги буржуа-демократик революциясидан кейиноқ ўлкада Ўрта Осиёнинг энг катта шаҳарларида мусулмонларнинг илк сиёсий ва ижтимоий-сиёсий ташкилотлари тузилди. Жумладан, Тошкентда Шўрои исломия ташкилоти, Самарқандда Клуби исломия (бошқа номи Қамбағаллар кенгаши, унга машҳур жадид Маҳмудхўжа Беҳбудий бошчилик қилган). Бундан ташқари Қўқон, Андижон, Хўжанд ва бошқа шаҳарларда ҳам исломий ташкилотлар тузилди. Таркибининг турли-туман бўлишига қарамай (ушбу ташкилотларга бир вақтнинг ўзида ҳам жадидлар, ҳам қадимчилар кирганлар), ушбу ташкилотларнинг барчаси бошланишда бирхил талабларни – генерал губернаторнинг истеъфо бериши, мустамлака тизимларининг бекор қилиниши, сиёсий эркинлик, мухторият берилиши ва бошқаларни олға сурдилар.
Энг катта мусулмон ташкилоти Шўрои исломия бўлиб, у ўзида махаллий зиёлилар ва Туркистоннинг диний намоёндаларини бирлаштирган уюшма эди. 1917 йил мартида ташкил этилган бу уюшма Туркистоннинг мустақиллиги ғояси асосчилари бўлган таниқли уламолар, маҳаллий зиёлилар ва сиёсий раҳнамоларни ўз ичига олган эди. Мазкур ташкилотнинг пайдо бўлиши 1917 йил 2 мартда чақирилган ишчи ва деҳқон депутатлари Кенгашида маҳаллий миллат делегатлари амалда иштирок эттирилмаганлигининг акс садоси эди. Бунга жавобан Тошкентнинг эски шаҳар қисмида кўп минг кишилик митинглар бўлиб ўтди. Уларнинг иштирокчилари ўз номзодларини илгари сурдилар; улар бўлажак уюшманинг асосини ташкил этдилар. Унинг йиғилишлари эса Шўрои исломия ташкилотининг ўзига хос съездлари бўлиб қолди. Ўша пайтдаги оммалашган «Барча ҳокимият Советларга» шиори ташкилот номидаги биринчи сўзни «Шуро» («Совет») деб олишни белгилаб берди. Бу билан ташкилотчилар ўлканинг мусулмон аҳолиси манфаатларини ифодалаганликларини ҳам намойиш этмоқчи бўлдилар.
Янги сиёсий ташкилотга Абдулвоҳид қори Абдурауф ўғли (Абдурауфов) раис бўлди, сўнг унинг ўрнига Убайдулла Хўжаев (Убайдуллоҳ хожа) келди. 6 апрелдаги йиғилишда Шўрои исломиянинг Муваққат Устави қабул қилинди, унда ташкилот олдига «исломни мослаштириш ва ислоҳ қилиш» ҳақидаги замонавий ғояларни мусулмон аҳоли орасига ёйиш, мусулмонларнинг мафкуравий бирлигига эришиш, бошқа ташкилотлар ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва уларни Шўрои исломиянинг Умумтуркистон кенгаши (Краймус Совет)га етказиш, Туркистонда хутбалар ўқиб сиёсий, ижтимоий ва бошқа масалаларни ёритиб берувчи митинглар уюштириш, эски маъмур вакиллари ўрнига янгиларини тайинлаш, миллатлар ва турли конфессиялар ўртасидаги ишончсизликни бартараф қилишга интилиш, барча давлат органларида мусулмонларнинг вакиллари бўлишига эришиш каби вазифалар қўйилди. Ушбу низом жадидларнинг сиёсий дастури асосида тузилган эди.
Шўрои исломия йиғилишларида туркистонликларнинг давом этаётган урушдаги иштироки, Муваққат ҳукуматнинг тактикаси, Россия ва Туркистоннинг сиёсий тизими, уларнинг келажакдаги муносабатлари ва шулар каби башқа масалалар қизғин муҳокама қилинар эди. Бундан ташқари уламолар фракциясининг қатъий талаби билан бўлғуси давлат тизимида ислом қонунларининг роли ва ўрни, диний таълим тизимидаги ислоҳатлар, диний-сиёсий ислоҳатлар ёки диний одатларни ўзгариб бораётган ижтимоий-сиёсий вазиятга мослаб ислоҳ қилиш, аёллар ҳижобига муносабат ва бошқа диний масалалар ҳам баҳс мунозарага тортилди. Айнан диний масалаларни муҳокама қилиш пайтида Шўрои исломия аъзолари орасидаги асосий қарама-қаршилик намоён бўлди ва бу нарса унинг бўлиниб кетишига ва руҳонийлар гуруҳининг кўпчилик қисми унинг таркибидан чиқиб, ўзларининг Шўрои уламо ташкилотларини тузишларига сабаб бўлди.
Ўзининг янги таркибида Шўрои исломия ўлканинг Туркистон мустақиллиги учун курашган илк мусулмон дамократик ташкилотларидан бирига айланди. Шўрои исломиянинг бўлинишдан кейин қолган аъзолари асосан жадидлар доираларидан бўлиб, уларнинг фаоллиги мусулмон таълим тизимини ислоҳ қилишга уринишдан бошланиб, кейинчалик сиёсий ҳаракатга айланди. Жадидлар анъаналарига кўра, Шўрои исломия раҳбарлари маиший, ижтимоий, хуқуқий, сиёсий ва бошқа масалалардаги шариъат қарорларини мутлақо рад этдилар. Шунга қарамай, исломнинг қонунлар тузилишидаги, таълим тизими ва маиший соҳадаги ўрни ва унинг маданий-тарихий қадриятлари эътироф этилди.
Совет тарихчилигида Шўрои исломия фаолияти («аксил инқилобчилик»да одатий айблаш билан бир қаторда) «террорчилик, миллатчилик» ёки ҳатто «панисломчилик» ҳаракати деб тавсифланди. Аслида эса, ташкилот аъзолари ҳеч қандай террорчилик фаолиятини юритмаганлар. Қолаверса, Шўрои исломия фаолиятидаги «исломий йўналиш» (айниқса бўлинишдан кейин) ғоят нисбий бўлган.
Шўрои исломия фаолияти 1918 йили майда тугатилди ва унинг аксар аъзолари ўша даврнинг қувғинлар, репрессиялар ва ўлимга маҳкум қилинган кўп сонли сиёсий намояндаларининг аянчли қисматига шерик бўлдилар.
Яна бир кўзга кўринган мусулмон ташкилоти Шўрои уламо, юқорида зикр этилганидек, Шўрои исломиянинг бўлиниб кетиши натижасида ундан ажралиб чиққан (1917 й.июнь). Бўлинишнинг асосий сабаби Туркистоннинг келажагини аниқлашдаги келишмовчилик бўлди. Шўрои уламо раҳбарлари Туркистон ислом давлати бўлиши керак, унинг сиёсий тизими ва қонунлари эса баъзи рус ва Европа ташкилотларини (масалан парламентни) сақлаб қолган ҳолда шариат меёрларига асосланиши лозим деб ҳисоблаганлар. Шўрои уламо ташкилотчилари Серали (Шерали) Лапин, Абдулмалик хожи Абдунабиев, мулла Саидмахсумхон махдум ва бошқалар эдилар. Шўрои уламонинг таъсис этилганлиги ҳақида Тошкентдаги Бегларбеги мадрасасида бўлиб ўтган йигирма беш минг кишилик йиғинда эълон қилинди. Шу ернинг ўзида Шўрои уламонинг журнали – «ал-Изоҳ” ташкил этилганлиги ҳақида қарор қабул қилинди.
Тез орада (1917 йил сентябрда) Шўрои уламонинг ташаббуси ва ташкилий қўллаб-қавватлаши билан Тошкентда Туркистон ва Қозоқ мусулмонларининг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтди. Ундан ташқари Волга-Урал минтақаси мусулмонларидан вакиллар таклиф қилинди (жами 500 вакил). Шу пайтнинг ўзида Турон, Турк одами марказийати каби сиёсий ташкилотлар ва Шўройи исломиянинг исломий фракцияси ва бошқалар асосида ягона Туркистон (Қозоғистон ҳам шу жумладан) партияси Иттифоқи муслиминни ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Низом ва дастур Шўрои уламо раҳбарлари томонидан ушбу ташкилотнинг тегишли ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилди. Хусусан, ўлканинг сиёсий тизими масаласини қуйидагича ҳал қилиш кўзда тутилди: Россия федератив демократик республикаси таркибида Туркистон мухтор республикаси тузилади. У ўзининг мустақил пул бирлигини чиқариш ҳуқуқига, мустақил божхона хизматига, бошқарув фақатгина уруш пайтида Россия ихтиёрига топшириладиган армия ва милицияга эга бўлади, барча ички коммуникация тизимларини мустақил равишда бошқаради ва ҳоказо.
Исломчилар қарашларининг ислом учун ноананавий бўлган сиёсий институтларни тузиш борасидаги жихатлари дастурнинг таклиф қилинаётган давлат тузилишига боғлиқ қисмида акс этган. Бошқарувнинг асосий органи беш йил муддатга сайланадиган Туркистон федерацияси парламенти бўлиши керак эди. Унинг ижроия органи вазифасини котибият бажариш керак эди. Алоҳида назорат қилиш ваколати берилиши назарда тутилган Маҳкамайи шариа органи (ўзига хос қонунчилик назорат палатаси) шариат талабларига асосланган қонун чиқариш жараёнларини назорат қилиши лозим эди. Мазкур органнинг раиси (Шайх ал-ислом) қонунларга риоя этилиши, уларнинг ислом (ҳанафий) қоидаларига мос келиши учун жавобгар бўлиши, суд тизими, таълим ва бошқаларни назорат қилиши керак эди.
Худди шундай фиқх меъёрлари билан уйғунлашган социалистик шиорлар баъзи қарорларга хос эди. Масалан, «Ер ва сув ҳақида»ги қарорда сув ва ер давлат мулки ва умумхалқ йиғилиши назоратида деб эълон қилинди, бироқ, хусусий мулк шариат асосида химоя қилиниши кафолатланди. Бу ғояларнинг асосий муаллифи Шўрои уламо раиси С.Лапин эди.Унинг бундай икки тамонлама дастури хар доим ҳам у бошчилик қилган ташкилот ичида маъқулланмаган.
Бу каби беқарорлик сиёсий иттифоқчилар танлашда ҳам кўзга ташланди. 1917 йил сентябрда барча миллий демократик ва миллий исломий сиёсий ташкилотлар билан бирлашиш борасида қабул қилинган қарордан ҳам Шўрои уламо бўлғуси давлатда исломнинг роли ва ўрнини аниқлаш масаласида узоқ ва самарасиз тортишувлар сўнгида бош тортди (мусулмонларнинг IV фавқулодда қурултой). Исломий давлат ғояларининг Шўрои уламо раҳбарлари томонидан асосли ҳимоя қилиниши муваққат ҳукумат билан ҳам иттифоқ тузиш имкониятини йўққа чиқарди. Шу каби ғояларни Туркистоннинг бошқа шаҳарларидаги мусулмон ташкилотлари ҳам илгари сурдилар.
Бу пайтда болшевикларнинг “шиорлар тактикаси” (масалан, В.И.Лениннинг бир неча маротаба эълон қилинган «мусулмонларнинг маданий мухторияти ҳақида»ги ғояси) Шўрои уламо раҳбарларига жозибали туйилди, улар ҳатто болшевикларнинг Октябрь тўнтаришига (26.10.1917) қадар ҳам ўлкани бошқаришда ҳамкорлик қилиш юзасидан уларга таклиф қилиш мумкин деб ҳисоблаган эдилар. Натижада С.Лапин яна навбатдаги “ғаройиб” ғояни ўйлаб топди: «Мусулмонларнинг Халқ Комиссарлари Кенгаши билан биргаликдаги мухтор бошқаруви бадавлат табақадан закот ва ушрни мажбурий олган ҳолда ислом социализмининг мустаҳкам пойдеворлари устига қурилиши керак (!)». Ўзларининг “Рус социалистларига” юборган мактубларида (1918 март) Шўрои уламо раҳбарлари «бой ва капиталистларга» қарши умумий қаршилик кўрсатишда болшевиклар билан бирлашиш мумкинлигини ва шариат ғоялари социализм мақсадлари билан тўлиқ мос келишини таъкидладилар. Бироқ иттифоқ тузилмади ва 1918 йилнинг майидаёқ Туркистон Халқ Комисарлари Кенгаши Шўрои уламо ва бошқа сиёсий партияларни тугатиш ҳақида эълон қилди. Кейинроқ ташкилотларнинг барча фаол аъзолари отиб ташланди ёки сургун қилинди.
Туркистон мусулмонларининг сиёсий фаоллиги, юқорида ҳам таъкидланганидек, мусулмонлар муаммоларининг муҳокамасига ҳамда давлат ва жамиятда юз бераётган ўзгаришларни баҳолашга бағишланган қатор газета ва журналлар таъсис этилишида ҳам намоён бўлди. Бундай нашрлардан бири “ал-Ислоҳ” журнали бўлиб, у 1915 йилда Тошкент уламолари томонидан таъсис этилган ва ойига икки марта ўзбек ва тожик тилларида чоп этилган. Журнал муҳаррири тошкентлик уламо Абдураҳмон б. қори Содиқ эди. Журналнинг асосий мақсадлари мусулмонларни ношаръий ишлардан муҳофаза қилиш, Қуръон ва суннатни шарҳлаш, «ўқувчиларнинг ҳар қандай диний ва дунёвий саволларига Қуръон ва суннага асосланган ҳолда жавоб бериш» ва бошқалар бўлган. Шу мақсадда турли талқинлар ва муҳокамалар бериб борилган. Муҳаррир мақолаларнинг «оддий мусулмонларга тушунарли» тилда бўлишини, ҳукуматга қарши фикрлар бўлмаслигини, (ҳанафий) мазҳабга қарши фикрлардан ҳоли бўлишини талаб қилар эди. Шундай қилиб, журнал дастлабки сонлариданоқ ўз даврининг атоқли илоҳиётчилари (Лутфулло Олимий, Муҳаммад Ализода Тошкандий, Саййид Аҳмад Васлий ва б.) ўртасидаги баҳслар майдонига айланди, аввал Тошкент, кейинроқ бутун Туркистон анъанавий уламоларининг ўзига хос минбари бўлиб қолди. Эълон қилинган мақолаларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин: 1. Ахлоқ, мусулмонлар билан ўзаро муомала, кийиниш ва шу каби анъанавий исломий меъёрларга риоя қилишга даъват эътувчи мақолалар; 2. Никоҳ, мулкчилик, оилавий муносабатлар ва бошқа масалалардаги фиқхий қоидаларни шархловчи мақолалар. Ушбу мақолалар ўқувчилар саволларига жавоблар рукни остида чоп қилинган. 3. Ислом тарихи, таниқли мусулмон олимлари ва бошқа масалаларга оид материалларни ўз ичига олган умумтаълимий мақолалар. Анъанага кўра бу турдаги мақолалар тарбиявий хусусиятга, берилган «тарихлар» эса сакраллаштирилган афсонавий характерга эга бўлган; 4. Мунозарали мақолалар. Булар анча қизиқ бўлиб, анъаначи уламоларнинг мусулмонлар ўртасида пайдо бўлган янгиликлар (бидъа)га, империянинг бошқа минтақаларидан келган аҳоли (руслар, арманлар, чўқинтирилган татарлар, грузинлар ва бошқалар) урф-одатлари аралашувига муносабатларини акс эттиради. Масалан, ислом нуқтаи назарида театр ва мусиқанинг шаръийлиги борасида уламолар ўртасида узоқ мунозаралар борган. Томонлар ўз қарашларини Қуръон, сунна ва таниқли ўрта аср илоҳиётчилари (масалан, ал-Ғаззолий)нинг фикрлари билан асослашга уринсаларда, ягона фикрга кела олмадилар.
Айни мана шу мақолалар гуруҳига номаълум муаллиф томонидан ёзилган Пайғамбарнинг туғилган куни (Мавлуди шариф)га бағишланган мақолани (1918, 6-сон) ҳам киритиш мумкин. Расмий ҳокимият ва маҳаллий миллатчилар бу байрамни миллий байрам деб атаб, унинг диний хусусиятини ўзгартиришга уриндилар. Муаллиф ушбу қарорга кескин қаршилик билдиради. У бунда диний ўзликни миллий ўзлик билан алмаштиришга қаратилган хатарли уриниш ва маҳаллий мусулмонларни қолган мусулмон оламидан ажратишга бўлган истакни кўради. Муаллиф фикрича, Мавлуд доимо руҳий бирлашув рамзи бўлиб келган.
Журнал муҳаррири Абдураҳмон ўзича мунозарани бошқаришга ҳаракат қилди. У мақолаларда кўп марта такрорланадиган шариат ахлоқ меъёрларини мустаҳкамлаш зарурати ҳақидаги фикрларга қўшилади, у барча замонавий муаммоларни ислом оламининг бошқа тарафларидаги уламоларнинг тажрибаларини ўрганган ҳолда, дунёдаги ўзгариб бораётган вазиятни ҳисобга олиб эркин ва ахлоқ доирасида муҳокама қилишга чақиради. Шундай қилиб “ал-Ислоҳ” маҳаллий анъаначиларнинг минтақада юз бераётган ўзгаришларга турли муносабатларини ифодалади. Ушбу журналнинг сўнгги сони 1918 йилнинг февралида дунё юзини кўрган ва Туркистон Марказий Ижроқўми қарорига мувофиқ «сиёсий жихатдан зарарли нашр» сифатида ёпиб қўйилган. Ушбу нашрнинг ман этилишига асосий сабаб болшевиклар тўнтаришини салбий баҳолаган мақолалар бўлди.
Мусулмон уламоларининг янги ҳукуматга муносабатлари, табиийки, турлича эди ва қатор мунозараларга сабаб бўлди. Кўпчилик жадидлар янги ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш мумкин деб ҳисоблабгина қолмай, хатто унинг давлат тизимлари таркибига ҳам кириб бордилар. Афсуски, уларнинг асосий қисми 20-асрнинг 30-йилларидаги «тозалаш» пайтида қатағонга учрадилар. Бирқанча мусулмонлар болшевикларнинг «дин билан ўйнашишлари» ортида нима яширинганини яхши тушунган ҳолда «босмачилик» деб аталган аксил болшевистик ҳаракатга (аслида миллий озодлик ҳаракатига) қўшилиб кетдилар, яна бир гуруҳ мусулмонлар мўътадилликни сақлаб турдилар. Мусулмонларнинг учинчи гуруҳи, яъни илк болшевикларнинг диний урф-одатлар ва уламоларга нисбатан муросасоз муносабатларига алданганлар янги ҳукуматни қўллаб-қувватладилар. Бунда динийқҳуқуқий меъёрларни ўзгараётган шароитларга мослаштиришга бўлган янги ҳаракатни кўришимиз мумкин. Баъзи уламолар, юқорида зикр этилган «ислом социализми» назариясига асосланган ҳолда ўша пайтда урф бўлган социалистик шиорларни мусулмон хуқуқи қонунлари билан уйғунлаштиришга уриниб, болшевиклар билан ҳамкорлик қилиш учун янги ғояларни таклиф қилишда давом этдилар.
Бироқ, барча бундай назариялар ва умидлар ҳаётга татбиқ этилмади: сиёсий ва ҳарбий жихатдан ўз мавқеини мустаҳкамлаб олган болшевиклар динга қарши кенг ҳужум бошладилар ва 30-йилларнинг бошларидаёқ исломнинг сиёсий, ёки айтайлик, хуқуқий мавқеи ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Кўп сонли мусулмон олимлар отиб ташландилар, Сибир ёки собиқ Иттифоқнинг бошқа минтақаларига сургун қилиндилар.
Кейинроққа назар ташлаб шуни айтиш мумкинки, бундай ўйламасдан, зўравонлик билан олиб борилган дунёвийлаштириш (кейинроқ тўлиқ «атеистлаштириш») 70-80 йил ўтиб, давлат арбоблари ва аксар диндорларнинг қатор муаммоларга дуч келишига олиб келди. Айни шу ўтган асрнинг 30- йилларида диний муассасаларнинг (мадраса, мактаб ва масжидлар) вақфлари тамомила тугатилди, уларнинг ўзлари эса деярли тамомила ёпиб қўйилди. Бинолари эса турар жойлар, омборхоналар, ремонт устахоналари ва ҳоказоларга айлантирилди.
Қолаверса, зўрлик билан дунёвийлаштириш жангори атеизм билан биргаликда ҳам кўпчилик маҳаллий аҳолининг исломий руҳиятини узил-кесил маҳв эта олмади. Анъанавий оилаларда кекса авлод ўз зурриёдларини диний эътиқод асослари, шариъат аҳкомлари ва ислом одоб-ахлоқи билан таништиришга ҳаракат қилди. Қамоқ ва қувғинлардан қутилиб қола олган айрим уламолар жонларини хатарга қўйиб бўлсада, диний илмларни ўрганиш истагида бўлганларни яширинча ўқитишда давом этдилар. Бундай норасмий таълим усули «ҳужра» номини олди.
ЎРТА ОСИЁ МУСУЛМОНЛАРИ ДИНИЙ ИДОРАСИ (ЎОМДИ). Улуғ ватан уруши (1941-1945) даврида динга муносабат бироз юмшади, бу пайтда 1943-йилда Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил қилинди. Унинг таъсис этилганлиги ҳақида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари вакилларининг қурултойида (Тошкент, 20-23.10.1943.) эълон қилинди. Ушбу муассаса бутун минтақадаги диний вазият устидан марказлашган назоратни ташкил қилиш мақсадида тузилган эди; шунга кўра Идора номидан чиқарилаётган ҳар қандай қарор ёки ҳужжат давлат текширувидан ўтар эди. Бироқ исломнинг бирон бир «олий институт» (бошқарув органи) билан мос келмайдиган ақидавий тизими диний идорани маълум даражада ислом учун бегана органга айлантирди. Исломнинг ақидавий масалаларни шарҳлаш ва хал қилиш билан диний фанларнинг яхши билимдонлари (мужтаҳидлар) мустақил равишда шуғуллана оладиган хусусияти доимо шундай вазиятни юзага келтирганки, Ўрта Осиё мусулмонлари диний идораси каби сохта органларнинг диний қарорлари мажбурий характер касб эта олмаган ва олмасди ҳам.
Совет даврида диний бошқармаларнинг давлатдан алоҳида фаолият олиб бориши ҳақида расман эълон қилинган бўлишига қарамай, амалда улар давлат муассасаси бўлган ва диндорлар ҳам шундай деб билганлар. Шу муносабат билан шуни ҳам қайд этиш ўринлики, ЎОМДИ Сталин даврида тузилган ва ўша даврдаги ҳар қандай (шу жумладан диний) муассаса авторитар тузилиши воқеликни такрорлайдиган тизим эди; бундай тизим унинг раҳбарига амалда чегараланмаган ҳокимият беради, бундай раҳбар бир ўзи (худди Совет ҳукуматининг илк пайтларидаёқ жорий қилингани каби) бюрократик давлат тизимининг автократлаштирилган юқори органи бошлиғи олдида шахсан жавобгар бўлади. Юқорида қайд этилган барча хусусиятлар ЎОМДИнинг икки томонлама мақомини аниқлаб беради. Асосийси, у чиқарган кўпчилик қарор ва фатволар диндорлар томонидан оддий маъмурий ҳужжат ва диний аҳамияти бўлмаган давлат буйруқлари каби қабул қилинган.
Аввал зикр этилган биринчи қурултойда «Минтақа (Ўрта Осиё) беш иттифоқчи республикаларининг муфтийси» этиб бир овоздан Эшонхон Бобохон, унинг ўринбосари этиб Муродхўжа Солиҳий (Солиҳов), масъул котиб этиб эса – З.Бобохонов сайландилар. Қуйидаги тизимларнинг ташкил этилгани эълон қилинди: ўн бир кишидан иборат бошқарув (Ҳайъат), беш кишидан иборат тафтиш ҳайъати. Республикаларда қозиятлар тузилди. Уларнинг раислари (қозилар) этиб юқорида қайд этилган делегациялар бошлиқлари (Ўзбекистонда З.Бобохонов) тайинландилар. Бир пайтнинг ўзида хизматчилар штатлари ва идора ички бўлимлари (фатволар бўлими, масжидлар бўлими ва б.) аниқланди. Кейинроқ идора қошида Мири араб мадрасаси (1945) ва Олий ислом институти (1971) таъсис этилди. Чиқарилаётган фатволар мавжуд қонунлар ва СССР Конститутциясига зид бўлмаслиги учун юридик масалалар бўйича маслаҳатчи штати киритилди.
1947 йилда Идора қошида «Совет шарқи мусулмонлари» журнали таъсис этилди. У фақат 1968 йилдан бошлаб мунтазам чоп этила бошлади. Унда Идоранинг фатволари ва қарорлари (қисқартирилган ҳолда), ҳукуматнинг диний сиёсатга оид қарорларига шарҳлар, имомлар мақолалари, диндорлар саволларига жавоблар ва ҳоказолар бериб борилган.
Бюджет мусулмонларнинг хайриялари ва масжидлардан йиғилган хайр эҳсонлардан иборат бўлган. Даромаднинг энг катта қисмини ўша пайтда ЎОМДИ иҳтиёрида бўлган катта зиёратгоҳлар (Баҳовуддин Нақшбанд, Қусам ибн Аббос ва б.)дан йиғилган садақалар ташкил этган. Мазкур даромадни ўзига хос шаръийлаштириш мақсадида ҳанафийлик (суфийлик) нуқтаи назаридан асослаб, авлиё даражасига етган шахсларни зиёрат қилиш тўғрисидаги фатво чиқарилди (1953). Бироқ 1957 йил ёзга келиб Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Диний ишлар қўмитаси зиёрат анъаналарининг оммавий тусга киришини «дин пайдо бўлишининг хавфли белгилари» ва «диндоларнинг норасмий тўпланиши» деб баҳолаб, барча зиёрат объектларини ёпиш ҳақида расмий қарор чиқарилишига эришди.
Идора доимо партия ва ҳукумат органларининг анъанавий маросимларга (ўша даврнинг беўхшов ибораси билан айтганда – «ўтмиш сарқитлари»га) қарши курашиш борасидаги барча махсус қарорларига мослашишга мажбур эди. Идорага «Ҳаж қилиш ва авлиёларга сиғинишни, мавлуд (Мавлуд ан-набий) ва бошқа анъанавий маросимларни бекор қилиш” ҳақида қатор фатволар чиқариш топширилган эди. Шу тариқа, юқорида айтиб ўтилган ва бошқа маросимларни, айниқса жамоа бўлиб бажариладиган маросимларни «ношаръий», «исломга зид» деб эълон қилиш ҳақида мачит имом-хатибларингнг бир қатор фатволари ва кўрсатмалари пайдо бўлди.
Фатволар чиқариш йўли билан қуйидаги урф-одат ва маросимлар ношаръий деб эълон қилинди: жаноза пайтида йиғловчиларнинг марсияхонлик қилишлари; мархумнинг гуноҳларини сотиб олиш (фидя; маҳал.-давра) ва ундан сўнг қуръон ўқиб ўткизиладиган худойилар,мархум вафотининг 3,7,20 ва 40-кунларирини ва йиллигини дастурхон ёзиб нишонлашлар; никоҳ тўйларида қалин тўлаш, бешик тўйлари, хатна тўйлари. Фатволарда маҳаллий «авлиёлар» қабрларини зиёрат қилиш, хусусан, зиёратчиларнинг қабрлар олдида дуо ўқишлари, мозорларга туғлар ўрнатиш ва шам ёқиш, «авлиё» руҳидан мадад тилаш, йиғлаш, касалларни тузатиш учун дам солиш ва бошқалар шариатга зид деб эълон қилинди (1950,1952, 1957, 1959, 1960-1966 йй.). Шунингдек, рамазон вақтида ёки қабрлар олдида (руҳнинг тинчланиши учун) Қуръоннинг баъзи қисмларини ёки тўлиғича ўқиш (хатми Қуръон) эвазига пул олиш ҳам ношаръий деб эълон қилинди.
Бундай қарорларни асослаш учун диний идора қошида З.Бобохонов ташаббуси ва раҳбарлигида уламолар кенгаши ташкил этилди. ««Эшонлик» ва «муридлик»нинг ислом таълимотига зидлиги тўғрисида»ги фатво қайта-қайта (1957-1962 ва бошқа йилларда) чиқарилди, чоп этилди ва масжидларга тарқатилди. Уларда Қуръон, ҳадис ва салафия муаллифлари (энг аввало Ибн Таймия) асарларига таяниб З.Бобохонов тасаввуф ва унинг «эшонлик ва муридлик» шаклидаги кўриниши, каромат, сўфийлик ташкилий тизимлари (зовия, ҳонақо, такия), маҳаллий машҳур сўфийлар қабрларини зиёрат қилиш ва бошқаларнинг ношаръий эканлигини асослашга уринади. Қизиғи шундаки, З.Бобохонов ва унинг маслакдошлари чиқарилаётган қарорларни диний жиҳатдан асослашда асосан Қуръон ва ҳадисларга, баъзан ҳанафия мазҳаби фатво тўпламлари: «ал-Мабсуд» (Муҳаммад аш-Шайбоний), «ал-Ҳидоя»нинг шарҳлари, «Фатово ал-Байдовия» ва бошқаларга суянганлар. Шу билан бир қаторда бир қанча диний ҳукмларни (масалан, ажралиш (талоқ), таҳорат пайтидаги баъзи амаллар, «авлиёлар» қабрларини зиёрат этишнинг мумкин эмаслиги ва бошқа масалаларни) асослашда фатволар муаллифлари бошқа мазҳабларнинг ўрта асрлардаги ва ҳозирги муаллифлари асарлари: Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855)нинг «ал-Муснад», Абу Бакр Жобир ал-Жазоирийнинг “Китоб Минҳож ал-муслим” ва юқорида қайд этилганидек, Ибн Таймия ва бошқалар асарларига тез-тез мурожаат этганлар. Юқоридаги урф-одатларни ман этиш кўпинча исломнинг ватани бўлмиш ҳозирги Саудия Арабистонида уларнинг мавжуд эмаслиги билан боғлаб тушунтирилар эди.
Шунингдек, масжидлар имом-хатибларига қаратилган (кўп ҳолларда З.Бобохонов томонидан имзоланган) мактублар ҳам мана шундай руҳда тузилган бўлиб, улардан мусулмон байрамларини ўтказишда «шариатга хилоф иш тутиш» муносабати билан қўшимча фатво ва кўрсатмалар ўрин олган. Улар Мавлуд, ‘Ийд (маҳал. - ҳайит) каби байрамларни уйларда (хусусан отинойилар йиғинларида) нишонлаш, норасмий масжидларда маҳаллий анъанавий диний матнлар: Биби Мушкилкушод, Биби Сешанба, Хатми ёздаҳум, Рисолайи нур (пайғамбарнинг афсонафий ҳаёти қиссаси) кабиларни ўқишни ман этадиган мактублар эди.
Бундан ташқари, Диний идора қошида махсус комиссиялар ташкил этилган бўлиб (1958, 1960, 1961, 1982-1984), булар кўп сонли диндорлар йиғиладиган энг эътиборли зиёратгоҳларга бориб турган. 1960 йил декабрида Хожа Юсуф мозори (Хоразмнинг Шовот тумани) ва 1962 йил майида Ўшдаги Тахти Сулаймон зиёратгоҳига уюштирилган сафарлар натижасида комиссиялар «исломда авлиёларга сиғиниш мумкин эмас», зиёрат эса, ширкнинг энг ёмон кўринишидир, деган диний хулосага келганлар.
Юқорида зикр этилган барча фатволар ва қарорлар (жузъий ўзгартишлар билан) қайта тузилиб барча масжидларга тарқатилди ҳамда 1983-1984 йилларда Идоранинг ойлик нашрида эълон қилинди ва то 1989 йилгача босиб борилди. Бу КПСС МҚнинг «Мусулмон руҳонийларининг реакцион қисмини мафкуравий изоляциялаш ҳақида”ги Қарорига (1983, март) бевосита жавоб эди. Ш.Бобохонов томонидан имзоланган қуйидаги фатволар кўпроқ танилди:1. «Янги пайдо бўлган норасмий китоб сотувчилар ишларининг ножоизлиги ва зарарлилиги ҳақида». Унда яширин йўл (нусха кўчириш) билан кўпайтирилган қуйидаги уч гуруҳ китобларни ўқиш ва тарқатиш «ношаръий иш» деб баҳоланди. Биринчи гуруҳ китоблар – маҳаллий «норасмий» уламолар томонидан ёзилган “Ислом дини нима?”(муаллифи янги авлод (Мужаддидийа) илоҳиётчиси Раҳматулло Аллома), “Шароити имом” (муаллифи номаълум) номли ва бошқа китоблар. Иккинчи гуруҳ – қадимги тошбосма китоблар – Биби Сешанба, Биби Мушкилкушод, Саломнома, Мавлуди Наби, Нурнома, Жангномайи ҳазрати Али ва бошқалар каби турли йиғин ва байрамларда (асосан мулла ва отин ойилар томонидан) ўқиладиган китобларнинг нусхалари. Учинчи гуруҳ - турли касб кишилари орасида қайтадан машҳур бўлган касбкорликка бағишланган рисолалар: Рисолайи дурадгор, Рисолайи сартарошлик, Рисолайи темирчилик, Рисолайи мисгарон ва бошқалар. 2. «Исломда «муқаддас» мозорлар зиёратининг ножоизлиги ҳақида». Ушбу фатвода фақатгина қариндошлар ва яқин танишлар қабрларини ҳанафий мазҳабига мос дуолар билан зиёрат қилиш мумкинлиги эътироф этилган. «Авлиёлар» қабрларига сиғиниш, мақбараларни қўриқловчи шайхларга ҳадялар бериш ҳаром деб эълон қилинган. Самарқанд ва Сурхондарёдаги ношаръий зиёрат объектлари алоҳида кўрсатиб ўтилган. 3. «Исломда сохта табиблик, фолбинлик, башоратчилик ва туморларнинг ножоизлиги ҳақида». Мазкур фатвода барча ноанъанавий даволаш турлари, Қуръон ва турли дуолар ўқиб дам солиш, кўз тегишидан сақлаш кабилар ножоиз деб эълон қилинган. Унда ҳозирги шароитда ягона даволаш йўли тиббиёт бўлиши кераклиги таъкидланади. Шунингдек, турли анъанавий фол очиш, тумор тақиб юриш, уларни уйларга, машиналарга осиб қўйиш исломга зид деб баҳоланади.
Бироқ, исломнинг маҳаллий шаклининг ўзига хос жиҳати шундаки, унда урф-одатлар турли кўринишларда доимо сақланиб қолган, исломгача бўлган маҳаллий ҳуқуқий меъёрларга маҳаллий ва олий қозилар (ҳакам, қоди ал-қудот) тез-тез мурожаат қилганлар. Айнан мана шундай тизим, бошқа қатор омиллар билан биргаликда, исломнинг ҳар қандай (ҳатто энг ноқулай) сиёсий шароит ва миллий-маданий муҳитга ҳам мослаша олиш хусусиятини белгилаган. Исломнинг ўз-ўзини бошқариш салоҳияти кўпинча унинг диний-ҳуқуқий хилма-хиллигига асос бўлган мунозараларга боғлиқ. Бу хилма-хиллик эса ўз навбатида табиий мувозанат воситаси бўлиб хизмат қилиш билан бирга «илк исломнинг пайдо бўлиши» ҳақидаги доимий фикрлар уйғонишига сабаб бўлган.
ЎОМДИнинг сўнгги муфтийси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф даврида (1989-1993) Идоранинг бошқарув услуби ўзгара бошлади. Диний ишлар бўйича Қўмита масъул ходимлари Диний идора ишларини қатъий бошқара олмай қолдилар. Масалан, қабул қилинган фатволар тасдиқлаш учун Қумитага тақдим этилмас ва кўпчилик ҳолларда фатволар араб тилида тузилар, ўзбек ва рус тилларига таржима қилинмас эди. Диний идора масжидлар ва ўқув муассасалари очиш масаласини мустақил тарзда ҳал қила бошлади. Уларнинг сони Қайта қуриш даврида кескин ортиб кетди (масалан, 1991 йилга келиб, Ўзбекистонда масжидлар сони 4 878 тага, мадрасалар 10тага етди). Қатор қадимги масжид ва зиёратгоҳлар Диний идора ихтиёрига берилди. Мозорларни зиёрат қилиш юзасидан қатъий ҳанафий мазҳаби руҳида тегишли фатво ва кўрсатмалар тузилди. Шу пайтнинг ўзидаёқ, Идоранинг газетаси «Ислом нури» чиқа бошлади, асосан долзарб масалаларни ўз ичига олган диний адабиётларни чоп қиладиган турли махсус нашрлар пайдо бўлди. Давлат тарафидан исломга бўлган муносабат кескин ўзгарди ва аста-секин атеистик сиёсатдан воз кечилди.
80-йиллар охири – 90 - йиллар бошлари ЎОМДИ тарихида анчагина мураккаб давр бўлди. Собиқ Иттифоқ тарқаб кетмасидан аввалоқ, республикалардаги қозиликлар ўз ишларини мустақил равишда олиб бора бошлаган эдилар. 1991 йил охирига келиб, ЎОМДИнинг бўлиниши аниқ фактга айланган эди. Инқироз сиёсий омиллар ва мусулмонлар («ваҳҳобийлар» деб номланган гуруҳ ва анъанавий йўл тарафдорлари) ўртасида авж олган бўлинишдан куч олди.