. Москвада ўз фарзандларидан воз кечишга чоғланган оналар
Москвада ўз фарзандларидан воз кечишга чоғланган оналар

Москвада ўз фарзандларидан воз кечишга чоғланган оналар

Москва туғруқхоналарида марказий осиёлик муҳожир ишчилар томонидан чақалоқларини ташлаб кетиш ҳоллар ортиб бормоқда. Би-би-си Ўзбек Хизмати муҳаррири Дилорам Иброҳим мазкур муаммони бартараф этиш йўлида ишлаётган одамлар билан учрашган.

Жаҳонгир бор-йўғи икки ойлик. У Москвадаги туғруқхоналардан бирида туғилган. Жаҳонгирнинг онаси Зеби Марказий Осиёнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири Тожикистондан келган. Кўплаб муҳожир аёллар каби у ҳам ўз фарзандидан қарийб воз кечганди. Россиядаги муҳожир аёллар ўз болаларини боқишга қурблари етмайди дея қарор беришади.

Зеби ҳам марказий осиёлик миллионлаб муҳожирларникига ўхшаш йўлни босиб ўтган. У Тожикистоннинг чекка қишлоқларидан биридан Москвага иш излаб келган.

Ёш ва содда қиз кўп ўтмай ҳомиладор бўлиб қолган. Бундай ҳолатда унинг олдида иккита танлов қолганди: бошқа муҳожирлар билан бирга бўлишадиган тиқилинч хонада чақалоғини катта қилиш ва ё туғилиши биланоқ боласидан воз кечиш.

Охир-оқибат, унга маҳаллий хайрия жамғармаси ёрдам келади. "Мени топгин, онажон" деган маънони берувчи "Даргил Наник" ташкилоти филм директори Мемоншо Мемоншоев ва Мадина Йўлдошевалар томонидан бошқарилади.

Йўлдошева хонимга кўра, Зеби ҳомиладорлигида ўз фарзандини биров асраб олишини истаган. Чунки, у жуда мушкул вазият қаршисида қолганди.

Зеби рус тилини билмаган, ишсиз ва энг зарурий эҳтиёжларини ҳам қондиришга имконсиз бўлган. Мадина Йўлдошева 19 ёшли Зебини ўзининг икки фарзанди билан бирга яшайдиган уйига олиб кетган. Ташкилот бўлғуси онага барча зарурий ҳужжатларни тўғирлаш ва вақтинчалик бошпана учун рухсатнома олишига ёрдам берган.

"Кўзи ёриш вақти келгач, биз уни туғруқхонага олиб бордик. Зеби русчада жуда оддий "кийим-бошингни алмаштир" деган жумлаларни ҳам тушунмасди", дейди Мадина.

Иснод

"Даргил Наник" жамғармаси 2009 йил ташкил этилган. Ўшандан бери Мадина Йўлдошеванинг уйи муҳожир аёллар яшаш учун жой топгунларига қадар уларга вақтинчалик бошпана вазифасини ўтайди.

Йўлдошева хоним тожик ва ўзбек аёлларини фарзандларидан воз кечмасликка ундайди. Россия қонунларига кўра, агар бола олти ойдан ортиқроқ етимхонага ташлаб кетилса, оналар ўз-ўзидан оналик ҳуқуқларидан маҳрум бўладилар ва болани бошқа одам асраб олиши мумкин.

Кўплар буни билишмайди ва болаларини иш топиб, доимий маошга эга бўлганларидан кейин олиб кетиш умидида ташлаб кетишади.

Даргил Наник жамғармаси айнан марказий осиёлик муҳожирлар билан ишлайди ва уларга маҳаллий қонун-қоидаларни тушунтириш, шу билан бирга амалий ёрдам кўрсатишга уринади.

Мемоншо Мемоншоевнинг ўзи Тожикистондаги етимхоналардан бирида вояга етган ва ўз бошидан ўтганлари унга жуда қаттиқ таъсир қилган.

"Мен етимхона деган тушунчага қаршиман,- дейди у,- болалар у ердаги жуда ёмон ташкиллаштирилган муҳитда катта бўлишади. Улар оддий нарсалар: овқат пишириш, ижтимоий вазиятларда ўзларини қандай тутишни билишмайди".

Мемоншо Мемоншоев ва Мадина Йўлдошева Зебини Жаҳонгирдан воз кечмасликка ундашади. Бироқ, ёш она ўз оиласининг босими остида қолган. Тожикистонда Зебининг онаси қизи Жаҳонгирни бировга беришини ва уйга ўзи қайтишини истайди.

Ижтимоий иснод катта рол ўйнайди. Бола билан уйига қайтган муҳожир аёлга паст назар билан қарашади. Зебининг оиласи Жаҳонгирни "ҳаром" санайди ва уни қабул қилмайди.

Россия расмийлари Москвадаги етимхоналарга чақалоқларини бериб кетаётган марказий осиёлик муҳожирлар сони ортиб бораётганини тасдиқлашади.

Ўтган беш ойнинг ўзида 150 нафар янги чақалоқ муҳожир оналар тарафидан ташлаб кетилган. Россиянинг Оила ва Ёшлар бўйича сиёсат департаментига кўра, рақамлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Расмийлар фақатгина рўйхатга олинган болалар сонини айтишади.

'Психологик жароҳат'

"Даргил Наник" Маҳлиё исмли аёлга ҳам кўмак беради. Уни Москванинг кичик даҳаларидан биридаги фоҳишахона ертўласидан топишган. Ўшанда кўзи ёриганига икки кун бўлган Маҳлиё ойнаси йўқ, зах жойда яшириниб ётган бўлган.

Бошқа фоҳишалар унга фарзандини ташлаб ишлашда давом этишни маслаҳат беришган. Мадина Йўлдошева Маҳлиёни боладан воз кечмасликка кўндирган ва вақтинчалик бошпанага кўчирган. Маҳлиёнинг уйига қайтиб кетиши учун зарур пул тўплашга қаратилган тадбир ҳам ўтказилган.

Бунга ўхшаш ҳикоялар кўп. Россияда, айниқса, Марказий Осиёдан келган, уйларидан узоқда бутунлай бошқача ижтимоий муҳитга тушиб қолган ва кўп ҳолларда ноқонуний яшовчи муҳожирлар заиф ҳисобланади.

Москвалик гинеколог Рустам Тожиевга кўра, аёллар ноқонуний келганлари боис улар тиббий суғуртага эга бўлмайдилар. Бошқалар эса, ўзларининг текин фавқулодда тиббий хизматга ҳақлари борлигини билишмайди.

Яна бир муаммо кўпларининг саводсиз эканлари. Улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишмайди, турмуш қурмаган қизлар учун жинсий муносабат иснод саналган анъанадор жамиятдан келган аёллар оддий ҳомиладан сақланиш усулларидан бехабарлар.

"Ёлғиз ўзи кўзи ёриган аёллар руҳий изтиробни бошларидан кечиришади", дейди у.

"У турмушга чиқмаган, ёрдам сўрайдигани йўқ. У эртага нима бўлишини билмайди ва боласини ташлаб кетишдан бошқа чораси йўқ".

Аммо, саволларга жавоб топиш осон эмас. Россияда ишлаётган кўп қизларни хўжайинлари жинсий муносабатга зўрлайдилар. Айримлар жинсий зўрлаш қурбонлари бўлишади.

Шифокор Тожиевнинг айтишича, Россия ҳукумати барча ҳомиладор ноқонуний муҳожирларга авф жорий этиши керак. Шунда улар тиббий кузатув остида бўлишлари мумкин.

Аммо, Россиядаги марказий осиёлик муҳожирларнинг ҳаётлари мушкуллигича қоларкан, Жаҳонгирга ўхшаган гўдакларнинг тақдирлари ҳам мавҳум қолаверади.

📎📎📎📎📎📎📎📎📎📎