. Эронда "келиб чиқиши ўзбекистонлик" бўлган Абдулатиф Муродий қатл этилди
Эронда "келиб чиқиши ўзбекистонлик" бўлган Абдулатиф Муродий қатл этилди

Эронда "келиб чиқиши ўзбекистонлик" бўлган Абдулатиф Муродий қатл этилди

Эронда келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Абдулатиф Муродийга нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ижро этилди. У 20 июнь куни Машҳаддаги Вакилобод қамоқхонасида дорга осиш орқали қатл этилди. Бу ҳақда вилоят бош судьяси Ғуломали Содиғий расман билдирди.

Абдулатиф Муродий жорий йилнинг 5 апрелида, яъни рамазон ойида Машҳаддаги Имом Резо мақбарасида шиа уламолари Муҳаммад Аслоний ва Муҳаммад Содиқ Дараийларга пичоқ билан ҳужум қилганликда гумонланиб қўлга олинганди.

Tasnim агентлигининг ёзишича, 21 ёшли Муродий уларнинг ҳар бирига камида 20 мартадан пичоқ урган. Муҳаммад Аслоний воқеа жоийда ҳалок бўлган. Муҳаммад Содиқ Дараий икки кундан сўнг касалхонада вафот этгани хабар қилинган.

Ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий бу воқеани “террор ҳужуми” деб атаган эди. Бироқ суд суннийликка мансуб бўлган Абдулатиф Муродийни “муҳорабеҳ, яъни Аллоҳга қарши жиноят содир этган” ликда айбдор деб топган. Унга нисбатан суд ҳукми 7 июнда ўқилган.

Муродий шиа уламоларига Ғўнабод шаҳридаги масжидда икки нафар сунний имом отиб кетилганидан икки кун ўтиб ҳужум қилган.

83 миллион аҳоли яшайдиган Эронда аҳолининг асосий қисми шиа бўлиб, суннийлар 10 фоизгача бўлган қатламни ташкил этади.

Хабарда Абдулатиф Муродий Ўзбекистоннинг қайси ҳудудидан экани, Эронга қаердан ва қандай мақсадда келгани айтилмаган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Муродий Эронга Покистондан ноқонуний равишда кириб келган ва Машҳад шаҳрида яшаган.

Раҳмон Хоруғдаги қуролли тўқнашувларда “Ислом уйғониш партияси”ни айблади

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги воқеалар юзасидан биринчи марта муносабат билдирди. У 18 июнь куни маҳаллий раҳбарлар билан ўтказган йиғилиш чоғида”қуролли одамларни жисмонан йўқ қилишга буйруқ берганини” тан олди ва “бундан бошқа чора қолмаган эди”, деб айтди.

Президент ўз нутқида Хоруғдаги қуролли тўқнашувларни “Ислом уйғониш партияси” уюштирганини иддао қилди.

Ўтган ҳафтада “таслим бўлишдан бош тортгани” ортидан Хоруғнинг норасмий лидерлари Хурсан Мазоров ва Зоир Ражабов “махсус амалиёт пайтида отиб ўлдирилгани” хабар қилинганди.

Озодлик радиоси тожик хизмати эса ўз манбаларига таянган ҳолда Хурсан Мазоров ва Зоир Ражабов ўзларини портлатиб юборгани ҳақида ёзган. Тоғли Бадахшонда телефон ва интернет алоқаси узиб қўйилгани учун мустақил манбалардан маълумот олиш деярли имконсиз бўлмоқда.

14 май куни Хоруғ шаҳрининг юзлаб аҳолиси мухтор вилоят ҳокими ва шаҳар мэрининг ишдан олинишини, маҳаллий аҳолига нисбатан таъқиблар тўхтатилишини талаб қилиб намойишга чиққан эди. Бу намойиш куч билан бостирилган.

Шундан сўнг кучишлатар тузилмалар ва норозилар ўртасида тўқнашувлар содир этилган эди. Бунинг ортидан Тожикистон ҳукумати ҳудудда “аксилтеррор амалиёти” бошланганини билдирган. Мазкур амалиётнинг биринчи кунида расман “8 жангари йўқ қилингани, 11 нафари ярадор бўлгани” ва юздан ортиқ киши қўлга олингани хабар қилинган. Маҳаллий кузатувчилар эса камида минг киши ҳалок бўлганини айтиб келмоқда.

27 майда Хьюман Райтс Уотч (HRW) халқаро ҳуқуқ ташкилоти “Тожикистон ҳукумати норозилик намойишига чиққанларни қувғин қилишни тўхтатиши ва уларга қарши содир этилган жиноятларни тергов қилиши” зарурлиги тўғрисида баёнот тарқатганди.

31 майда “аксилтеррор амалиёти” пайтида вилоятнинг Рушан тумани Дерзуд қишлоғидя яна беш киши ўлдирилгани хабар қилинган.

“Ислом уйғониш партияси” фаолияти Тожикистонда 2015 йилда тақиқланган эди. Ҳукумат мазкур партияни “террорчилик”да айблаган. Шундан сўнг партиянинг қатор лидерлари ва аъзолари қўлга олиниб, узоқ йилларга қамалган. “Ислом уйғониш партияси” лидерлари эса бу айбловларни тан олган эмас.

Қирғизистон: Беш ойда 258 мигрантнинг жасади ватанига олиб келинди

Жорий йилнинг беш ойида хориж давлатларидан Қирғизистонга 258 мигрантнинг жасади олиб келинди. Бу ҳақда Қирғизистон парламентига ташқи ишлар вазири ўринбосари Азизбек Мадмаров маълум қилди.

Унга кўра, ўтган йили хорижда вафот этган қирғизистонликларнинг жасадларини олиб келиш учун 45 миллион 270 минг сўм ажратилган эди. Жорий йилнинг беш ойида эса бу мақсад учун 25 миллион сўм сарфланди.

Вазирликнинг билдиришича, 2021 йилда мамлакатга 540 нафар мигрантнинг жасади олиб келинган эди. Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми Россияда ишлаган қирғизистонликлардир.

Расман билдирилишича, Россияда ишлаётган қирғизистонлик мигрантлар сони бир миллион кишидан ошади.

Хитой май ойида Россиядан рекорд даражада нефть сотиб олди

Хитой Россиядан нефть сотиб олишни ўтган йилга нисбатан 55 фоизга кўпайтирди ва май ойида бу мамлакатдан рекорд даражада нефть импорт қилди. Reuters агентлиги бу ҳақда Хитой Бош божхона бошқармасига таянган ҳолда хабар берди.

Жорий йилнинг май ойида Хитой Россиядан 8,42 миллион тонна, яъни суткасига 1,98 миллион баррел нефть сотиб олган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 25 фоизга кўпдир.

Россия Хитойга нефть экспорт қилувчи давлатлар орасида биринчи ўринни эгаллади. Бундан аввал биринчи ўринда бўлган Саудия Арабистони иккинчи поғонага тушиб қолди.

Reuters агентлигининг ёзишича, бу ҳолат Ғарб санкцияларига қарамай, Россия янги нефть харидорларини топиш салоҳиятига эга эканини кўрсатмоқда. Россия бунинг учун нефть нархини сезиларли даражада туширишга мажбур бўлган.

Аввалроқ АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия нефтига эмбарго киритиши юзасидан қарорлар қабул қилиниши ортидан Ҳиндистон Москвадан кўмир ва нефть сотиб олишни кескин кўпайтиргани хабар қилинган эди. Трейдерларнинг таъкидлашича, Россия нефтни деярли 30 фоизгача арзон нархда сотмоқда.

Халқаро сузиш федерацияси трангендер спортчи аёлларга талабни кучайтирди

Халқаро сузиш федерацияси – FINA аёллар ўртасидаги мусобақаларда жинсини 12 ёшдан кейин ўзгартирган трансгендерларнинг иштирок этишини тақиқлади. Бу борада CNN телеканали хабар берди.

Янги тартибга мувофиқ, трансгендер аёллар 12 ёшга тўлгунига қадар жинсини ўзгартирган бўлсагина, мусобақаларда иштирок эта олади. Бу қарорни FINA аъзоларининг 71,5 фоизи маъқуллади. Қарор 2022 йилнинг 20 июнидан кучга кирди.

Бундан ташқари, халқаро федерация, янги тартибга асосан, эркаклар ва аёллар ўртасидаги мусобақаларда иштирок эта олмайдиган спортчилар учун “очиқ категория”даги турнирларни уюштиришни режалаштирмоқда. FINА ишчи гуруҳи мазкур тоифадаги мусобақларнинг “самарали янги меъёрларини ишлаб чиқади”.

“Биз спортчиларнинг мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқини ҳимоя қилишимиз лозим, айни пайтда биз мусобақаларнинг, айниқса аёллар ўртасидаги мусобақаларнинг, ҳалол ва адолатли ўтишини ҳам таъминлашимиз шарт”,-деди FINA президенти Ҳусайн ал Мусаллам.

Трансгендер аёлларнинг мусобақаларда иштирок этиши масаласи юзасидан баҳслар америкалик сузувчи Лия Томас билан боғлиқ воқеадан сўнг бошланиб кетган эди. Томас 2017 йилда АҚШнинг Пенсильвания университети жамоасида шуғулланган ва яхши натижаларни кўрсатган. 2020 йилда жинсини ўзгартиргани ортидан Томас университетнинг сузиш бўйича аёллар жамоасига ўтказилган.

2022 йилда Томас Америка талабалар спорти миллий ассосиацияси чемпионатида 500 ярд масофага эркин сузиш мусобақасида ғолиб бўлган.

FINA сузиш, сув полоси, сувга сакраш, бадиий сузиш, очиқ сув хавзасида сузиш ва хай-дайвинг спорт турларини ўз атрофига бирлаштирган.

Франциядаги сайлов: Макрон коалицияси парламентда кўпчиликни ташкил этиш даражасида овоз йиғолмади

Францияда 19 июнь куни бўлиб ўтган парламент сайлови ортидан президент Эммануэль Макрон тарафдори бўлган “Бирга” коалицияси Миллий ассамблеяда кўпчиликни ташкил қилиш имкониятини бой берди. Франция ИИВ сайтида эълон қилинган овоз бериш натижалари ана шундан далолат бермоқда.

Дастлабки натижаларга кўра, Макрон тарафдорлари 245 мандат олишлари мумкин, ваҳоланки парламентда кўпчиликни ташкил этиш учун 289 мандатга эга бўлиш керак.

131 та ўринга эга бўлган Жан-Люк Меланшон бошчилигидаги сўл партиялар коалицияси сайловда иккинчи ўринни эгаллаган.

Учинчи ўрин Мари Ле Пен раҳбарлигидаги “Миллий бирлашма”га насиб этган. Ўнг қарашдаги бу коалиция 89 та ўринга даъвогарлик қилиши мумкин. Бу Ле Пен тарафдорлари сайловгача парламентда эгаллаб турган ўринлар сонидан 10 баробарга кўпдир.

Бокуда Россиянинг собиқ давлат котиби Геннадий Бурбулис вафот этди

Озарбайжон пойтахти Бокуда 19 июнь куни Россиянинг собиқ давлат котиби, бош вазирнинг собиқ биринчи ўринбосари ва икки марта Давлат думаси депутати бўлган Геннадий Бурбулис 76 ёшида вафот этди. Собиқ мулозимнинг қачон ва қаерда дафн этилиши ҳақида ҳали маълумот тарқатилгани йўқ.

Бурбулис ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида Россия президенти Борис Ельциннинг энг яқин сафдошларидан бири бўлган. У Беловежская Пушчада СССРнинг тугатилиши тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланишида иштирок этган олти шахснинг бири бўлган.

Геннадий Бурбулис Қрим яриморолининг Россия томонидан аннексия қилинишини танқид қилиб келган сиёсатчилардан эди.

Британия Ички ишлар вазирлиги Ассанжни АҚШга экстрадиция қилинишини маъқуллади

Британия Ички ишлар вазири Прити Патель Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанжни АҚШга экстрадиция қилишни маъқуллади. Ассанж мазкур қарор устидан судга икки ҳафта мобайнида шикоят аризаси киритиши мумкин. Бу ҳақда Британия ИИВ 17 июнь куни маълум қилди.

WikiLeaks вазирлик қарорини “сўз эркинлиги ва Британия демократиясининг қора куни”, деб баҳолади.

АҚШда Ассанжга нисбатан жами 18 та айблов билдирилган. Улар орасида жосуслик тўғрисидаги қонун талабларини бузиш айблови ҳам мавжуд. Терговнинг иддао қилишича, WikiLeaks 2016 йилда Россиянинг АҚШ президентлик сайловига аралашуви натижасида рус хакерлари томонидан қўлга киритилган махфий хужжатларни эълон қилган. Аммо жосуслик тўғрисидаги қонунни бузиш айблови бу эпизод билан боғлиқ эмаслиги айтилмоқда.

АҚШда WikiLeaks асосчиси 175 йилга қамалиши мумкин. АҚШ ҳукумати расмий вакиллари эса, амалда бундан олдин бу каби айбловлар юзасидан юмшоқроқ ҳукмлар чиқарилганини айтмоқдалар.

Британия суди ўтган йили Вашингтоннинг Ассанжни экстрадиция қилиш талабини рад этган. АҚШ Австралия фуқароси бўлган 50 ёшли Ассанжни WikiLeaks сайтида Ироқ ва Афғонистондаги урушга оид 500 мингта махфий ҳужжатни эълон қилганликда айблаб, жиноят иши қўзғатган.

Адвокатлар эса, Ассанж журналист сифатида ўз вазифасини бажарган ва махфий ҳужжатларни чоп этиш орқали Америка ҳарбийларининг Ироқ ва Афғонистондаги жиноятларини фош этган, деб ҳисоблайдилар.

Ассанж 2012 йилда Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида бошпана топган эди. У Эквадор ҳукумати билан муросага кела олмагани ортидан 2019 йилнинг 11 апрелида элчихонадан чиқарилган ва Британия полицияси уни қўлга олган. Шундан бери уни АҚШга экстрадиция қилиш масаласидаги суд жараёнлари давом этмоқда.

UNICEF: Украиналик ҳар уч боладан икки нафари ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган

Украиналик болаларнинг учдан икки қисми уруш туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Бу ҳақда UNICEF (БМТ Болалар фонди) Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшон Хон Украина шаҳарларига сафари ортидан маълум қилди.

UNICEF мулозими бу ерда ҳам мамлакат ичкарисида бошқа жойга кўчганлар, ҳам Украинадан чет элга кетишга мажбур бўлганлар назарда тутилаётганини қайд этган. Афшон Хон уруш туфайли юзага келган беқарорлик болаларни келажакдан маҳрум этаётганини урғулаган.

“Жароҳатлар ва қўрқув болаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигида узоқ вақт из қолдириши мумкин”, деган у.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари маҳкамаси қайдича, уруш даврида Украинада 277 бола нобуд бўлиб, 456 бола яраланган. Бундан ташқари, 256 тиббиёт муассасаси ҳужумга учраган, Украина шарқида UNICEF кўмагида фаолият юритаётган “хавфсиз мактаб”ларнинг 17 фоизига шикаст етказилган ёки вайрон қилинган.

UNICEF болалар сентябрь ойида хавфсиз таълимга қайтиши учун минглаб мактабни таъмирлаш билан шуғулланмоқчи. Афшон Хон Киев яқинидаги Ирпень шаҳрининг ўзида 2000 дан зиёд боланинг таълим олиши хавф остида қолганини таъкидлаган.

Унга кўра, UNICEF 600 мингдан зиёд бола ва уларни қарамоғига олган шахсларга психологик ва психиатрик ёрдам кўрсатилишига, 180 мингдан зиёд боланинг турли ўқув дастурларида қатнашишига кўмаклашган.

Аввалроқ Афшон Хон уруш вақтида украин болаларининг россияликлар томонидан асраб олинишига қарши чиққан эди. Мулозим болалар уларнинг манфаатлари тақазо этган ҳолларда, шунингдек ота-оналарининг ихтиёрий розилиги билангина бир жойдан бошқа жойга кўчиши мумкинлиги ва ушбу шартларга риоя қилмасдан ўзга мамлакатга олиб кетилган болалар етим саналмаслигини айтган.

Украина ҳукумати Россияни уруш давомида босиб олинган ҳудудлар аҳолисини мажбуран депортация қилишда айблаб келади. Москва эса одамлар Россияга ўз ихтиёрлари билан боришаётганини иддао қилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг дунёда қочқинлар сони 100 миллион кишидан ошган, улардан 14 миллиондан кўпроғи украиналиклардир.

Халқаро меҳнат ташкилоти: Россияга қарши санкциялар марказий осиёлик мигрантлар ҳаётида ҳам кескин акс этди

Россияга қарши санкциялар марказий осиёлик меҳнат мигрантларига аллақачон таъсир қилди, дейилган Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ) 16 июнь куни ёйинланган хабарномасида.

Ташкилотга кўра, Россияда мазкур минтақадан бўлган тўрт миллиондан зиёд мигрант ишлайди: Тожикистон ва Қирғизистондан – бир миллиондан, Ўзбекистондан – қарийб икки миллион ва Қозоғистондан – 200 минг киши. Уларнинг пул ўтказмалари Марказий Осиё мамлакатлари ЯИМнинг тахминан 30 фоизни ташкил қилади.

ХМТ Россияга қарши жорий этилган санкциялар мамлакат иқтисодиёти ва меҳнат бозорига жуда оғир зарба бериши мумкинлигини урғулаган. Бу ерда гап икки миллион ишчи ўрни йўқолиши ва ишсизлик 4,4 фоиздан 7,8 фоизгача ўсиши ҳақида бормоқда. Россиядаги иқтисодий танглик у ерда ишловчи мигрантлар даромадларига ва, ўз навбатида, улар мансуб мамлакатлар иқтисодиётига таъсир этиши муқаррар.

“Россиядан пул ўтказмаларининг кескин камайиши бу пул ўтказмаларига суяниб қолган мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир этиши шубҳасиз. Аксар мигрантлар ҳозирча РФда қолиш истагини билдиришган, аммо, вазият ёмонлашаверса, тобора кўпроқ одам уйига қайтиб кетади”, дея таъкидлаган ХМТнинг Венадаги минтақавий бўлими директори Ренате Ҳелд.

Мигрантлар аллақачон уйларига қайта бошлашган. Ташкилот маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида 60 минг тожикистонлик ва 133 минг ўзбекистонлик мигрант Россиядан ўз ватанига қайтиб кетган.

“Жаҳон банки прогнозига мувофиқ, бу йил Россиядан пул ўтказмалари ҳажми кескин камаяди: Қозоғистонга – 17 фоизга, Ўзбекистонга – 21 фоизга, Тожикистонга – 22 ва Қирғизистонга – 33 фоизга. Бу рақамлар ортида кўплаб оилаларнинг қашшоқлашуви хавфи яширинган”, дея қайд этган ХМТ.

Ташкилот мигрантлар жўнатадиган пуллар уларнинг мамлакати учун нақадар муҳимлигига эътибор қаратган. Хусусан, Қирғизистонда 2019 йили пул ўтказмалари туфайли камбағаллик даражаси 31,2 фоиздан 20,1 фоизга камайган эди.

Жаҳон банки эндиликда Қирғизистонда камбағаллик даражаси 38 фоизга кўтарилишини башорат қилмоқда. Аммо халқаро молия ташкилоти бу прогноз ўзгариши мумкинлигини истисно этмаган. Жорий йил мартида Қирғизистонга пул ўтказмалари ўтган йилнинг шу ойига қиёсан 28 фоизга қисқарган эди.

Айни пайтда апрель ойида ўзбекистонлик мигрантлар ўз ватанларига рекорд даражадаги сумма – 1,07 миллиард доллар маблағ юборганлар ва бу бир йил олдинги кўрсаткичдан салкам икки баравар кўпдир. Шунга қарамай, Ўзбекистон Марказий банки ўтказмалар ҳажми 18-25 фоизга камайишини башорат қилмоқда.

НАТОга аъзо давлатлар вазирлари Украинани дастаклашда давом этиш юзасидан келишиб олишди

Россия тажовузи ўйин қоидаларини ўзгартириб юборди, шунинг учун ҳам НАТОнинг вазифаси бундан буён қатъий тийиб туриш ва қудратли мудофаани сақлашдан иборат бўлади. Бу ҳақда бош котиб Йенс Столтенберг НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг 15 июнь куни бўлиб ўтган учрашувида билдирган.

Столтенбергга кўра, учрашувда вазирлар Россия қарши курашда Украинани бундан буён ҳам дастаклаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда НАТО коллектив муҳофаза салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳақида келишувга эришганлар. Бу альянснинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш учун қўшимча жанговар бўлинмалар ташкил этилиши ҳамда НАТО мудофаа салоҳиятини ошириш учун қурол-аслаҳа захиралари кўпайтирилишини англатади.

Украинада тўхтовсиз давом этаётган жанговар ҳаракатлар манзарасида расмий Киев ўзига кўпроқ қурол-аслаҳа ажратишни сўрамоқда. Президент маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украинага бошқа ҳарбий анжомлардан ташқари зудлик билан камида мингта гаубица, 300 та ракета тизими ва 500 та танк лозимлигини билдирган.

Жорий ой охирида НАТОнинг Мадриддаги саммити бўлиб ўтиши керак. Унда мазкур ҳарбий-сиёсий иттифоқнинг янги стратегик концепцияси мувофиқлаштирилади. Янги концепцияда Россияга нисбатан умумий позиция ва Хитойдан бўлажак таҳдидга жавоб чоралари акс этади.

Тоқаев Россияга иқтисодий ёрдам ҳақида: Биз Ғарб томонидан санкциялар тўғрисида огоҳлантиришлар оляпмиз

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида Қозоғистон иттифоқчилар олдидаги ўз мажбуриятларидан бош тортмаётганини маълум қилди. Тоқаев “Қозоғистоннинг санкцияларни бузмаган ҳолда Россияга иқтисодий жиҳатдан ёрдам бериш нияти борми?” деган саволга жавоб тариқасида барча келишувлар ўз кучида қолишини билдирган.

“Путин билан музокараларим чоғида бизнинг барча иқтисодий келишувларимиз ўз кучида қолишини айтдим. Бошқача бўлиши нотўғри ва нафсиз бўлар эди”, деган у.

Айни пайтда Тоқаев Қозоғистон Россияга нисбатан жорий қилинган “санкцияларни бузмаслиги лозим”лигини қайд этган.

Шу ўринда у Қозоғистон раҳбариятига Ғарб томонидан иккиламчи санкциялар тўғрисида огоҳлантирувлар келаётганини эслатаркан, Россия билан муносабатларда ўта мураккаб ва нозик иш олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Шунингдек, Тоқаев “Қозоғистон совиб қолгани, устига устак Евросиё иқтисодий иттифоқи ва КХШТдан чиқишга шайланаётгани ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслиги”ни билдирган.

Қозоғистон расмийлари Украинада уруш бошлангани ва Ғарб томонидан Россияга қарши санкциялар жорий этилганидан кейин узоқ вақтгача Россияга нисбатан позицияларини очиқлаган эмаслар.

Март ойи охирида президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Тимур Сулейменов EURACTIV news нашрига берган интервьюсида Қозоғистон Россияга Ғарб томонидан жорий этилган санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бермаслигини билдирган эди.

Украинага босқин ортидан Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар, иқтисодчилар фикрича, қозоғистонликларнинг ҳам ижтимоий-иқтисодий вазиятида акс этган. Мамлакатда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сезиларли даражада ошган, шакар каби айрим озиқ-овқат турларида танқислик кузатила бошлаган.

Май ойида Қозоғистоннинг Молия бозорини бошқариш ва ривожлантириш агентлиги санкциялар туфайли Россия банкларининг Қозоғистондаги учта “шуъбаси” ҳисобрақамларидаги 21 миллион доллардан кўпроқ маблағ музлатилгани ҳақида маълумот тарқатган.

Москванинг эски иттифоқчиларидан бири ва КХШТ аъзоси бўлган Нур-Султон Россиянинг Украинага босқинини қоралаб чиққан эмас. Қозоғистон Россия қўшинларининг Украинадан олиб чиқилиши талаб қилинган БМТ резолюциялари бўйича овоз беришдан ҳам тийилган.

Июнь ойи бошида Европа Иттифоқи Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши муносабати билан санкцияларнинг олтинчи пакетини тасдиқлаган. Мазкур пакет Россия нефтига қисман эмбарго жорий этишни кўзда тутади.

Столтенберг: НАТО Украинанинг Ғарб қурол-аслаҳасига ўтишига кўмаклашади

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 15 июндаги чиқишида НАТО мамлакатлари Украинани дастаклашда, жумладан қурол-аслаҳа етказиб беришда давом этаётганини, яқинлашиб келаётган Мадрид саммитида Киевга берилажак янги ёрдам пакети маъқулланишини айтди.

Столтенбергга кўра, ушбу пакет Украинанинг “узоқ муддатли истиқболда” совет қуролларидан Ғарбнинг замонавий қурол-аслаҳасига ўтишига йўналтирилади. У НАТО мамлакатлари Украинага оғир қуроллар беришда давом этишини ҳам қўшимча қилган.

15 июнь куни Брюсселда қарийб 50 мамлакат вакилларидан иборат Украина бўйича мулоқот гуруҳи (Рамштайн формати) Украинани дастаклашга доир янги чора-тадбирларни муҳокама қилган. Шу куни Оқ уй Киевга 1 миллиард евролик ҳарбий ёрдам берилиши ҳақида эълон қилган.

Пентагон қайдича, ушбу ёрдам пакети 18 та гаубица, 36 мингта снаряд, гаубицалар учун 18 та шатакчи машина, техникалар таъмири учун 4 та автомобиль, иккита соҳил қурилмаси ва кемага қарши ракеталар, мингта радиостанция ҳамда мингта оптика анжомларини ўз ичига олади. Ушбу қурол-аслаҳалар август ойига етказиб берилиши кўзда тутилган.

Июннинг бошларида Жо Байден маъмурияти ҳарбий ёрдам доирасида Украинага HIMARS ракета тизимлари ҳам берилишини билдирган эди – расмий Киев айнан шу турдаги қуролларга муҳтожлигини таъкидлаб келади. Расмий хабарларга кўра, АҚШда украин ҳарбийлари гуруҳи мазкур қуроллардан фойдаланиш бўйича тайёргарлик курсини якунламоқда.

Америкалик экспертлар фикрича, НАТО мамлакатлари арсеналида мавжуд совет қуроллари захираси тугаб бораётгани, украин аскарларини замонавий Ғарб қурол-аслаҳасига ўргатиш эса вақт талаб қилиши мумкинлиги муайян қийинчиликларни туғдиради. Қолаверса, янги қуроллар учун таъмирлаш ва сервис тизимини ҳам ташкил қилиш лозим.

📎📎📎📎📎📎📎📎📎📎