Марҳумларга тиловат савобини бағишлаш масаласида ваҳҳобийларга раддия
O`zbek halqining go`zal odatlaridan biri mayyit chiqqan honadon ahliga ta`ziya izhor etib, o`tganlar haqqiga Qur`on oyatlaridan tilovat qilib, savobini bag`ishlashdir. Bu odat aslida halqimizga Islom dini ta`limoti asosida kirib kelgan. Qur`on oyatilari nafaqat marhumlarga hatto uni o`qiguvchilarning o`ziga ham manfaatlidir. Ahli sunnat ta`limoti bo`yicha, tiriklar tomondan qilingan yaxshi ishlarning savobi albatta, marhumlarga yetib boradi. Bu etiqod halqimizning qon-qoniga singgib ketganki, hatto uni Islom dini ilmlaridan to`liq xabari yo`qlar ham biladi. Mahalla-ko`y, tanish-bilishlar orasida ta`ziya bo`lsa, darhol borib honadon egalariga tasalli berib, fotiha o`qib kelish odati ham shundandir.
Ammo, keyingi davrlarda yangi chiqqan ayrim adashgan toifalarning talqin qilishicha, Qur`on o`qib savobini o`tganlarga bag`ishlashning foydasi yo`q emish. Takfirchi vahhobiylarning rahnamolaridan biri sanalmish, ibn Bozning “Al-fatava”, deb nomlangan kitobida bu haqda quyidagi ma`lumotni uchratasiz:
“ان قراءة القرءان على أموات المسلمين ضلال”
Ya`ni, “musulmonlarning o`liklariga Qur`on tilovat qilib savobini bag`ishlash haromdir!”.
Ibn Bozning bu fatvosi salafi-solihlar jumlai jahon ahli sunna musulmonlarining fikriga xilofdir. Shu bilan birga uning bu va bu kabi boshqa bid`atlari tinch-totuv yashab kelayotgan musulmon millatlar orasida fitna, adovat va ixtilof urug`larini sochuvchi omil vazifasini ham o`tab berdi.
Mayyitlarga tilovat savobining yetib borishi ummati muhammadiyaning ijmo`si bilan isbotlangan. Imom Navaviy rahmatullohi alayh o`zining mashhur “Al-azkor” nomli asarida aytadi:
”Tiriklar duosining o`tganlarga manfa`ati bor, amallarning savobi ham yetib boradi, deb ulamolar ijmo` qilganlar”.
Shuningdek, imom Navaviy hazratlari imom Shofe`iy rahmatullohi alayhdan quyidagicha rivoyat qilgan:
ويستحب أن يُقرأ عند الميّت شىء من القرءان وإن ختموا القرءان عنده كان حسنًا
Ya`ni, “mayyitning qabri oldida Qur`on oyatlaridan o`qishlik mustahabdir, agar Qur`onning hammasini o`qib xatm qilinsa, yanada yaxshi bo`ladi”.
Imom Shofe`iyning bu so`zlari “tilovat savobini bag`ishlash harom”, degan vahhobiy-salafiylarning barchasiga qarshi hujjat bo`ladi.
Rasululloh sollallohu alayhi va sallamning ham, اللهم اغفر لاهل البقيع , “Ey Alloh Baqi` qabriston ahlini kechirgin”, deb duo qilganlari mashhur hadislarda kelgan. Va yana, janoza namozining o`zida ham uchinchi takbirdan keyingi o`qiladigan duoda “tiriklarimiz va o`tganlarimizning gunohlaridan o`t”, deb duo qilinadi. Bu duoni hatto o`sha ibn Bozning o`zi ham, izdoshlari ham o`qib kelishadi.
Ma`qal ibn Yasorning hadisida Rasululloh sollallohu alayhi va sallamning:
اقرءوا يـس على موتاكم
“O`liklaringizga Yasin surasini o`qinglar”, degan tavsiyalari aytilgan.
Imom Buxoriy va imom Muslimlar rivoyat qilgan bir hadisda aytilishicha, Payg`ambarimiz alayhissalom bir kun qabristondan o`tar ekan, to`satdan ikki yonma-yon qabr oldida to`xtaydilar va ashoblariga biron novda keltirishni buyuradilar. Ashoblar darhol xurmo novdasini keltiradi, Rasululloh novdani ikkiga bo`lib, ikkala qabr ustiga sanchib qo`yadi. Bu holga ajablanib qarab turgan sahobalarga Ul zot: “Shu ikki qabr egalari qabrida azob chekishmoqda, ularning biri bavlidan saqlanmas, ikkinchisi esa birovlarning aybini tashib chaqimchilik qilar edi. Zora, shu novda quriguncha ularning azobi yengillashsa..”, dedilar. Xuddi shu hadisning sharhida imom Navaviy aytganlarki: “oddiy bir novdaning aytgan tasbihlaridan qabr ahliga manfaat bo`lsa, inson zoti o`qigan oyatlarning qanday nafi bo`lmasin?! Albatta, Qur`on oyatlarining nafi novdaning tasbihidan ko`proq bo`ladi”.
Bu kabi hujjat dalillarni ko`plab keltirish mumkin. Qadimdan mag`ribu-mashriq musulmonlari o`qilgan oyatlarning savobi marhumlarga yetadi, deb e`tiqod qilib kelgan. Keyingi davrlarda (18-asr) vahhobiylar paydo bo`ldi-yu ummat qabristonlari payhon qilindi. Ular tomondan musulmonlar avval mushrikka chiqarildi so`ngra esa, alloma-yu avliyolarning maqbaralari buzib tashlandi, portlatildi. Birdam, hamjihat musulmonlar orasiga dushmanchilik kiritildi. Vahhobiylarning qilayotgan bu kabi harakatlari nafaqat musulmonchilik, balki insoniylikka ham mos kelmaydigan vahshiylikdan boshqa emasdir.
Hikmatulloh Ibrohim
Ўзбек ҳалқининг гўзал одатларидан бири маййит чиққан ҳонадон аҳлига таъзия изҳор этиб, ўтганлар ҳаққига Қуръон оятларидан тиловат қилиб, савобини бағишлашдир. Бу одат аслида ҳалқимизга Ислом дини таълимоти асосида кириб келган. Қуръон оятилари нафақат марҳумларга ҳатто уни ўқигувчиларнинг ўзига ҳам манфаатлидир. Аҳли суннат таълимоти бўйича, тириклар томондан қилинган яхши ишларнинг савоби албатта, марҳумларга етиб боради. Бу этиқод ҳалқимизнинг қон-қонига синггиб кетганки, ҳатто уни Ислом дини илмларидан тўлиқ хабари йўқлар ҳам билади. Маҳалла-кўй, таниш-билишлар орасида таъзия бўлса, дарҳол бориб ҳонадон эгаларига тасалли бериб, фотиҳа ўқиб келиш одати ҳам шундандир.
Аммо, кейинги даврларда янги чиққан айрим адашган тоифаларнинг талқин қилишича, Қуръон ўқиб савобини ўтганларга бағишлашнинг фойдаси йўқ эмиш. Такфирчи ваҳҳобийларнинг раҳнамоларидан бири саналмиш, ибн Бознинг “Ал-фатава”, деб номланган китобида бу ҳақда қуйидаги маълумотни учратасиз:
“ان قراءة القرءان على أموات المسلمين ضلال”
Яъни, “мусулмонларнинг ўликларига Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлаш ҳаромдир!”.
Ибн Бознинг бу фатвоси салафи-солиҳлар жумлаи жаҳон аҳли сунна мусулмонларининг фикрига хилофдир. Шу билан бирга унинг бу ва бу каби бошқа бидъатлари тинч-тотув яшаб келаётган мусулмон миллатлар орасида фитна, адоват ва ихтилоф уруғларини сочувчи омил вазифасини ҳам ўтаб берди.
Маййитларга тиловат савобининг етиб бориши уммати муҳаммадиянинг ижмоъси билан исботланган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур “Ал-азкор” номли асарида айтади:
”Тириклар дуосининг ўтганларга манфаъати бор, амалларнинг савоби ҳам етиб боради, деб уламолар ижмоъ қилганлар”.
Шунингдек, имом Нававий ҳазратлари имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидагича ривоят қилган:
ويستحب أن يُقرأ عند الميّت شىء من القرءان وإن ختموا القرءان عنده كان حسنًا
Яъни, “маййитнинг қабри олдида Қуръон оятларидан ўқишлик мустаҳабдир, агар Қуръоннинг ҳаммасини ўқиб хатм қилинса, янада яхши бўлади”.
Имом Шофеъийнинг бу сўзлари “тиловат савобини бағишлаш ҳаром”, деган ваҳҳобий-салафийларнинг барчасига қарши ҳужжат бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, اللهم اغفر لاهل البقيع , “Эй Аллоҳ Бақиъ қабристон аҳлини кечиргин”, деб дуо қилганлари машҳур ҳадисларда келган. Ва яна, жаноза намозининг ўзида ҳам учинчи такбирдан кейинги ўқиладиган дуода “тирикларимиз ва ўтганларимизнинг гуноҳларидан ўт”, деб дуо қилинади. Бу дуони ҳатто ўша ибн Бознинг ўзи ҳам, издошлари ҳам ўқиб келишади.
Маъқал ибн Ясорнинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
اقرءوا يـس على موتاكم
“Ўликларингизга Ясин сурасини ўқинглар”, деган тавсиялари айтилган.
Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган бир ҳадисда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кун қабристондан ўтар экан, тўсатдан икки ёнма-ён қабр олдида тўхтайдилар ва асҳобларига бирон новда келтиришни буюрадилар. Асҳоблар дарҳол хурмо новдасини келтиради, Расулуллоҳ новдани иккига бўлиб, иккала қабр устига санчиб қўяди. Бу ҳолга ажабланиб қараб турган саҳобаларга Ул зот: “Шу икки қабр эгалари қабрида азоб чекишмоқда, уларнинг бири бавлидан сақланмас, иккинчиси эса бировларнинг айбини ташиб чақимчилик қилар эди. Зора, шу новда қуригунча уларнинг азоби енгиллашса..”, дедилар. Худди шу ҳадиснинг шарҳида имом Нававий айтганларки: “Оддий бир новданинг айтган тасбиҳларидан қабр аҳлига манфаат бўлса, инсон зоти ўқиган оятларнинг қандай нафи бўлмасин?! Албатта, Қуръон оятларининг нафи новданинг тасбиҳидан кўпроқ бўлади”.
Бу каби ҳужжат далилларни кўплаб келтириш мумкин. Қадимдан мағрибу-машриқ мусулмонлари ўқилган оятларнинг савоби марҳумларга етади, деб эътиқод қилиб келган. Кейинги даврларда (18-аср) ваҳҳобийлар пайдо бўлди-ю уммат қабристонлари пайҳон қилинди. Улар томондан мусулмонлар аввал мушрикка чиқарилди сўнгра эса, аллома-ю авлиёларнинг мақбаралари бузиб ташланди, портлатилди. Бирдам, ҳамжиҳат мусулмонлар орасига душманчилик киритилди. Ваҳҳобийларнинг қилаётган бу каби ҳаракатлари нафақат мусулмончилик, балки инсонийликка ҳам мос келмайдиган ваҳшийликдан бошқа эмасдир.